ГОСУДАРСТВЕННЫЙ КОМИТЕТ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН ПО ГЕОЛОГИИ И МИНЕРАЛЬНЫМ РЕСУРСАМ

Государственное предприятие
«Институт минеральных ресурсов»

Новости

10-11-2019

МИНЕРАЛ РЕСУРСЛАР ИНСТИТУТИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ БЎЛИБ ЎТДИ

МИНЕРАЛ РЕСУРСЛАР ИНСТИТУТИНИНГ «ЕРНИ МАСОФАДАН ЗОНДЛАШ ВА ГИС-ТЕХНОЛОГИЯЛАР» МАРКАЗИДА ТУРКИЯНИНГ «МАЪДАН ТАДҚИҚОТЛАРИ ВА ҚИДИРУВИ» (МТА) ДИРЕКТОРАТИ ТОМОНИДАН 2019 ЙИЛ 4-7 НОЯБР КУНЛАРИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 23 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4401 сонли “Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида давлат геология қўмитаси томонидан 2019 йил 9 август куни тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 1.3, 1.4 ва 2.1 - бўлимларидаги топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида дунёда етакчи ҳисобланган Туркиянинг “Маъдан тадқиқотлари ва қидируви” (МТА) директорати билан ҳамкорликда жорий йилнинг 4 – 7 ноябрь кунларига мўлжалланган ўқув-семинар тренинглари ташкил этилди.

Семинар-тренинг жараёнида “Минерал ресурслар институти” давлат корхонаси қошидаги “Ерни масофадан зондлаш ва ГИС-технологиялар” маркази ҳамда МТА директорати мутахассислари биргаликда билим ва тажрибаларини алмашишди.

Семинар-тренингда Геология қўмитасининг мажлислар залида хорижлик мутахассислар билан биргаликда учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда “Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва такрор ишлаб чиқариш бош бошқармаси” бошлиғи Рустамов А.И., “Фан ва инновациялар” бўлими бошлиғи Мингбоев Қ.Р., “Чет эл инвестицияларни жалб қилиш ва инвестициявий лойиҳаларни техник иқтисодий асослаш” бошқармаси бош мутахассиси Қодиров О., “Минерал ресурслар институти” давлат корхонаси директори Исоқов М.У. ва “Минерал ресурслар институти” давлат корхонаси илмий ишлари бўйича директор ўринбосари Ахмедов М.Ш. лар қатнашдилар.

Дастурга кўра Туркиялик мутахассислар Ўзбекистон давлат геология музейига ташриф буюришди. Музейдаги ноёб геологик тоғ жинслари ва минералларнинг намуналари билан музей директори таништирди.

МТА директоратининг “Ерни масофадан зондлаш” маркази етакчи мутахассислари Ж.Ўзгунер ва П.Кумтепе соҳа йўналишига бағишланган тақдимотларини намойиш қилдилар ва йўналишнинг ҳозирги кундаги имкониятлари, бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида тушунча бериб ўтдилар.

Дастур бўйича “Ерни масофадан зондлаш” маркази (МТА) мудири Ж.Ўзгунер ҳозирги кунда соҳада қўлланаётган ASTER, LANDSAT спектрал рақамли космик тасвирларни қайта ишлаш усуллари, каналлари ва уларни тўлқин узунликларини комбинация қилиш жараёнида қандай минералларни кўриш мумкинлигини, яқин инфра қизил (VNIR), қисқа тўлқинли инфрақизил канал (SWIR) ва иссиқлик инфра қизил канал (TIR) каналларининг тўлқин узунликларининг хусусиятлари, уларнинг ўзаро фарқланиши ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб ўтди. Яқин инфра қизил канал (VNIR) билан қисқа тўлқинли инфрақизил (SWIR) каналларни бир бири билан махсус алгоритмлар билан таҳлил асосида муҳим геологик маълумотларга эга бўлиш хақида ўз маърузасида кўрсатиб ўтди.

Семинар-тренинг якунида МТА директорати мутахассислари Ж.Ўзгунер ва П.Кумтепе “Минерал ресурслар институти” ДКнинг илмий ишлари бўйича директор ўринбосари М.Ш.Ахмедовга “Ерни масофадан зондлаш ва ГИС-технологиялари” маркази ҳамда мутахассисларининг салоҳияти тўғрисидаги фикрларини билдирди.

Сўз якуни келганда чет эллик мутахассисларга ўз миннатдорчилигини билдириб, уларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шу билан курс тренинг ниҳоясига етди ва ушбу курсдан “Ерни масофадан зондлаш ва ГИС-технологиялари” маркази ёш мутахассис ходимлари ўзлари учун зарур бўлган янги билим ва маълумотларини олишди.